Huawei 1
“Трастбанк” ХАБнинг Самарқанд филиали йил бошидан бери хусусий тадбиркорлик секторига 35,3 млрд. сўм ажратди

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан, аҳолининг томорқадан унумли фойдаланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан имтиёзли микрокредитлар ажратиш йўлга қўйилди. Айни дамда республика банклари аҳолига кредит ажратиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Айниқса фуқароларни бу жараён билан яқиндан таништириш мақсадида аҳоли билан турли учрашувлар ўтказмоқда.

“Трастбанк” ХАБнинг Самарқанд филиали ходимлари йил бошидан бери маҳалла ва ижтимоий ташкилотларда аҳоли билан учрашувлар ўтказиш давомида имтиёзли кредит ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тегишлича маслаҳатлар бериб келмоқда. Бу билан молия муассасаси хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида банкнинг Самарқанд филиали янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 35 млрд. 300 млн. сўмдан ортиқ кредит маблағларини ажратди.

Йил бошида банк ходимлари Деҳнав МФЙ аҳолисига ҳудудда иссиқхоналарни қуриш бўйича молиявий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатишганди. Ҳозирга келиб бу ерда қарийб 80 та оила томорқасидаги иссиқхоналардан фойдаланиб даромад олмоқда. Ушбу иссиқхоналарда асосан полиз экинлари помидор ва бодринг етиштирилади. Айрим фуқаролар эса лимон ва мандарин каби мевали дарахтларни ҳам экишга улгурган. Эътиборга молик жиҳати ушбу маҳалла аҳолисининг кўпчилиги биринчи бор иссиқхона иши билан шуғулланишига қарамасдан тез орада фаолиятини кенгайтириш мақсадида.

Банк мижози Шодмон Шамсиев: Шу банк ходимлари йил бошида семинар ўтказиб, кредит хизматлари хақида, хусусан, 7 фозили имтиёзли кредит бўйича маълумот берганди. Бугунга келиб биз ҳам оиламиз билан иссиқхона қуриб, помидор ва бодринг етиштираяпмиз.

Трастбанк молиявий кўмаги билан оиласи даврасида тадбиркорликни йўлга қўйган фуқароларнинг кўпчилиги фарзандларига ҳам меҳнат орқали ҳалол пул топишни ўргатиб, тарбияламоқда. Шунингдек, маҳаллий аҳоли бошланишига бир туп экиндан 10 кг.гача ҳосил олаётганини ҳам қайд этишди.

Банк мижози Шохрух Мардонқулов: Мен, дадам ва аёлим ушбу иссиқхонада меҳнат қилиб, даромадимизни кўпайтираяпмиз. Иссиқхонани ташкил этганимизга 3 ой бўлганига қарамасдан, маҳсулотларни етиштиришни анча ўрганиб олдик. Йил якунига қадар тадбиркорлик майдонимизни 1 гектаргача кенгайтиришни режалаштирганмиз.

Маълумки тадбиркорликни ривожлантиришга давлат миқёсида катта эътибор қаратилмоқда. Бу орқали аҳоли ҳам давлат ҳам бой бўлади. Хонадонларда тўкин сочинчилик, фаровонлик ҳукм суради. Молия муассасалари эса халққа астойдил хизмат қилиб, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш орқали ўз фаолиятларини кенгайтиришда давом этади. Бир сўз билан айтганда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш барқарорлиги таъминаланади.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 51112 | Инструменты