Анқарада Аҳмад ал-Фарғоний бюсти ўрнатилди

Туркия пойтахтида буюк мутафаккир, олим ва давлат арбоби Аҳмад ал-Фарғоний шарафига ўрнатилган бюстнинг очилиш маросими бўлиб ўтди

Тантанали тадбирда Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов, Анқара шаҳри Кечиорен тумани ҳокими Месут Ўзарслан, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ бош котиби ўринбосари Сайид Юсуф, Туркия Буюк миллат мажлиси, дипломатик корпус, академик доира ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов ўз нутқида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётганини таъкидлади. Ушбу жараёнда маданий-гуманитар алоқаларнинг алоҳида ўрни борлиги, бу йўналишдаги ҳамкорлик икки халқни янада яқинлашишига хизмат қилаётгани қайд этилди. Шундай эзгу мақсадлар замирида буюк аллома Аҳмад ал-Фарғонийнинг бюсти Анқара шаҳридаги марказий боғда ўрнатилиши катта аҳамиятга эга эканини урғулади.

Кечиорен тумани ҳокими Месут Ўзарслан Аҳмад ал-Фарғонийнинг илмий мероси нафақат ўзбекистонликлар, балки барча туркий халқлар учун фахр ва илҳом манбаи эканини таъкидлади. У алломанинг номини абадийлаштириш орқали ёш авлодни илм ва маърифатга даъват этиш мақсад қилинганини билдирди.

ТУРКСОЙ бош котиби ўринбосари Сайид Юсуф эса ўз навбатида Аҳмад ал-Фарғонийнинг астрономия, география ва математика соҳаларидаги кашфиётлари жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссасига алоҳида тўхталди. "Туркий давлатлар ҳамжиҳатлиги рамзи сифатида ушбу бюстни ўрнатиш ташаббуси юксак эътирофга лойиқ", деди у.

Тадбир якунида таниқли хонанда Отабек Муҳаммадзохид томонидан концерт дастури тақдим этилди. Концертда ижро этилган ўзбек миллий мақом ва замонавий эстрада қўшиқлари барчага хуш кайфият улашди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Анқара шаҳрида Аҳмад ал-Фарғоний хотирасига атаб ёдгорлик ўрнатилиши Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ҳамда ҳамкорлик ришталарини янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 121500 | Инструменты