Huawei 1
Божхона қўмитаси божсиз олиб кириш нормалари камайтирилишига изоҳ берди

Аввалроқ жорий йилнинг 1 майдан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистонга божхона тўловларисиз олиб кириладиган товарлар учун нормалар пасайтирилиши ҳақида хабар берилганди.

Унга кўра, товарларни ҳаво транспортида нотижорат мақсадларда бож тўламасдан олиб кириш $2000 дан $1000, темир йўл ва дарё транспортида — $1000 дан $500 га, халқаро курьерлик жўнатмалари — ҳар чорак учун $1000 дан ойига $200 гача камайтирилади.

Шу билан бирга, автомобиль ва пиёда ўтиш пунктлари ($300), халқаро почта жўнатмалари орқали олиб келинадиган товарлар учун ҳам ($100) норма ўзгаришсиз қолади.

Божхона қўмитаси фуқаролар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун мамлакатга олиб кириладиган товарлар нормаларига киритилган ўзгаришлар юзасидан расмий изоҳ берди.

Қўмита дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг соҳа ва тармоқларга жиддий таъсири сезилаётганини, халқаро сиёсат ва иқтисодиётдаги ўзгарувчан муносабатлар, турли тариф ва чекловлар барча давлатлар қатори Ўзбекистонга ҳам занжирли таъсир кўрсатиб, жаҳон иқтисодиётининг секинлашиши ва халқаро савдо камайишига олиб келаётганини қайд этган.

“Халқаро савдо ҳажми $3,5 трлнга қисқариб, дунёдаги инфляция даражаси 7,5−8% га кўтарилиши прогноз қилинаётган бир вақтда ўз кучимиз ва ички имкониятларимизга таяниб, дадил қадам ташламоқдамиз”, — дейилади хабарда.

Ҳукумат томонидан қабул қилинган ушбу ҳужжат эса жаҳон иқтисодиётидаги кескин ўзгаришлар, ташқи хатарлар ва глобал рақобат шароитида миллий ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчиларни самарали қўллаб-қувватлаш, ички бозорда адолатли рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароит яратишга қаратилган.

Божсиз нормалар миқдорининг камайтирилиши

Божхона қўмитаси божсиз нормалар миқдорини хорижий давлатлар билан таққослаб, бу Ўзбекистонда юқори белгиланганини кўрсатишини қайд этди.

Хусусан, бу Европа иттифоқи давлатларида ҳаво транспортида кириб келганда $480 ни, авто, пиёда ёки темир йўл орқали олиб киришда $330 ни ташкил этади. Туркиядада эса транспорт туридан қатъий назар $480 миқдоридаги товарларни божсиз олиб киришга рухсат этилади. Бу меъёр Хитойда — $722.

“Таҳлилларга кўра, жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёж учун товарларни божсиз олиб кириш нормаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш кўлами сезиларли равишда ошган”, — келитирилади изоҳда.

Шу сабаб, божсиз норма қўлланилиши учун фуқароларнинг хорижда бўлиш муддати белгиланди. Бу темирйўл ва дарё транспортида ҳамда автомобиль ўтказиш пунктлари орқали киришда 2 кун, ҳаво транспорти орқали эса 3 кунни ташкил этади.

Бу Цингапур, АҚШ, Туркия, Бразилия ҳамда Аргентина каби давлатлар амалиётида мавжуд. Ушбу товарларга божсиз олиб кириш нормасидан ортиқ деб қаралади ҳамда товарнинг тўлиқ қийматидан ягона божхона тўлови ундирилади.

Амалдаги тартибнинг суистеъмол қилинаётгани ҳолатлари. Қўмитанинг келтиришича, таҳлиллар чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ўзига тегишли бўлмаган товарларни маълум ҳақ эвазига олиб ўтиб бериб, «ташмачилик» билан шуғулланаётганини кўрсатмоқда.

“Улардан айримлари бир ойда 100 маротабагача чегарани кесиб ўтаётганини инобатга олсак, ўз эҳтиёжи учун деган ниқоб остида аслида тижорат мақсадидаги товарларни ташишаётгани ойдинлашади. Натижада, “ташмачи"лар кўмагида йирик партиядаги товарлар майда партияларда ҳеч қандай божхона тўловларисиз Ўзбекистон ички бозорига кириб келмоқда”, дейилади хабарда.

Бу каби ҳолатлар халқаро аэропортларда ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Хорижий мамлакатларга тижорат мақсадида борувчи йўловчилар ва улар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар сони сўнгги йилларда каррасига ошиб бораётгани таъкидланган.

Айрим йўловчилар бир йил давомида ўртача 100−150 тагача парвозларни амалга оширганидан улар ҳаво йўллари орқали тижорат товарларини шахсий эҳтиёж ниқоби остида олиб киришаётгани маълум бўлади.

“Уларнинг умумий сони биргина пойтахт аэропортида 500 нафардан ошади. Ушбу йўловчиларнинг ҳар бири йилига ўртача 2−3 тоннагача оғирликдаги товарларни олиб киришмоқда. Хўш, „Бу товарлар шахсий эҳтиёж учунми?“, деган савол туғилади”, дея келтиради қўмита.

Амалдаги қонунчиликда бундай ҳаракатлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

2024 йилда чегара божхона постлари орқали 600 нафарга яқин шахслар товарларни ноқонуний олиб ўтиш ҳолатларини такрор содир этган. Айрим фуқаролар бир йилда ўртача 10−20 маротаба жавобгарликка тортилган. «Яшил» йўлак орқали 1 190 нафар жисмоний шахсларнинг 21 млрд сўмга яқин товарларни ноқонуний олиб ўтишга бўлган уринишлари аниқланган.

Курьерлик хизмати орқали товар етказиб беришдаги ўзгаришлар

Божхона қўмитаси фуқароларга курьерлик жўнатмалари орқали товарларни божсиз олиб кириш нормаси бир чоракда $1000 дан бир ойда $200 гача камайтирилганига изоҳ бериб, ушбу меъёр ҳозирда мамлакатга кириб келаётган курьерлик жўнатмаларининг ўртача қиймати $200 ни ташкил этиши асосида белгиланганини қайд этди.

Шунингдек, Хитойда бу $288 ни, Жанубий Кореяда — $150, Грузияда — $125, Украинада — 100 евро, Буюк Британияда — $188, Европа Иттифоқи мамлакатларида — $41 дан $175 гача ҳамда Туркияда $79 ни ташкил қилиши келтирилган.

Бу меъёрлар фақат божхона божи учун амал қилиб, товарларни олиб киришда ҚҚС тўлиқ ҳажмда ундирилади. Ўзбекистонда эса ҚҚС ундирилмайди, дейилади хабарда.

Амалдаги тартибни суистеъмол қилиш ҳолатлари. Қўмита курьерлик жўнатмалари орқали товарларни божсиз олиб кириш нормасини суистеъмол қилиб, тижорат мақсадида товарларни «нотижорат» ниқоби остида олиб киришга уринишлар ортганини қайд этди.

2023−2024 йилларда 1,1 мингта ҳолатда 8,3 млрд сўмлик божхона қоидалари бузилиши аниқланган. Масалан, фуқаро К.А номига бир йилда 408 та, яна бир фуқаро номига эса бир йилда 381 та партияда жўнатмалар юборилгани, улардаги товарлар шахсий эҳтиёж учун эмас, балки тижорат мақсадида юборилганини кўрсатган.

2024 йилда Ўзбекистонда 687 мингдан зиёд фуқаролар номига хориждан ўртача 8 тадан жўнатма келган. Кўрсаткич 2023 йилга нисбатан қарийб 3 баробар ошиб, 5,73 млнтани ташкил этди. Бунда $167 млнлик қарийб 22,3 минг тонна товарлар кириб келган. Бу 2023 йилга нисбатан қиймат жиҳатидан 1,4 баробарга, миқдор жиҳатидан 1,3 баробарга кўпайган.

“Номига жўнатмалар юборилган фуқароларнинг шахси ўрганилганида улар орасида вафот этган шахслар ҳам аниқланган, аксарият ҳолларда эса фуқаролар номига чет элдан жўнатма келганидан хабарлари ҳам йўқ бўлиб чиқди”, дея қайд этади қўмита.

Бунда, товарларни майда партияларга бўлиб фуқароларнинг паспорт маълумотларидан ноқонуний фойдаланиб сохта юк-кузатув ҳужжатлари билан мамлакатга олиб кириш схемаси қўлланилмоқда.

Қўмита янги тартибларни “божсиз олиб кириш меъёрларининг жаҳон стандартларига мувофиқлаштирилиши билан бирга, ички бозорда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда яширин иқтисодиётга чек қўйишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади”, дея изоҳлади.

“Энг муҳими, ушбу ўзгаришлар тартибли тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали тушумларни ошириш ҳисобига фақат ва фақат жамиятимиз манфаатига, иқтисодиётимизни барқарор ўсишига, тадбиркорларимизни эмин-эркин ишлашларига, янги иш ўринларини яратишга, янгидан-янги боғчалар, мактаблар, тиббиёт муассасаларининг қурилишига ва инфраструктурани кучайтиришга, пировардида одамларимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилади”, дея хулоса қилган Божхона қўмитаси.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 42402 | Инструменты