Huawei 1
Иқлим ўзгариши Ўзбекистондаги маданий мерос объектларига жиддий зиён етказмоқда

Глобал иқлим ўзгариши Ўзбекистондаги маданий мерос объектларига ҳам жиддий зарар етказмоқда. Бу ҳақда 25 март куни Маданий мерос агентлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Агентлик директори биринчи ўринбосари Турсунали Кузиевга кўра, иқлим ўзгариши сабабли ёғоч, пахса, ғишт ва тошдан қурилган қадимий объектларга ҳам жуда катта зиён етмоқда.

«Уларни боғлаб турадиган моддалар: лой, цемент ва бошқалар ҳаво ҳароратининг юқорилиги туфайли намлигини йўқотиб, қурияпти ва тўкилиб кетмоқда. Шу сабабли мазкур масалада биз хитойлик махсус илмий тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик ўрнатдик ва биргаликда Ичан Қалъадаги иккита ёдгорликни қайта тикладик. Ҳозир ўзимизнинг мутахассисларни Хитойга юбориб, уларнинг тажрибаси ва технологиясини ўрганяпмиз», — дейди Кузиев.

Маданий мерос объектларини реставрация қилиш архитектори Фазлиддин Давлатовнинг айтишича, шўрланиш ҳам тарихий ёдгорликларга зиён етказаётган асосий муаммолардан бири ҳисобланади.

«Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида катта шўрланиш бор. Тарихий биноларимиз орасида хом ғишт, пахса, синчдан қурилганлари кўп. Бундай объектлар эса ер ости сувининг захини ўзига тортади. Натижада шўр сув биноларни емиради ва шу тариқа маданий мерос объектларининг умри қисқаряпти. Бу каби муаммоларнинг олдини олиш бўйича ўзимизнинг олимлар хорижлик ҳамкасблари билан бирга ишлар олиб боряпти. Яъни шўрларни ювиш, пойдеворларни шамоллатиш каби чора-тадбирлар кўрилмоқда», — дейди реставратор.

«Бундан ташқари ёмғир ва шамол ҳам зарар етказмоқда. Археологик ёдгорликларнинг асосий қисми Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида бўлиб, улар тепаликлар, пахса ва хом ғиштдан иборат. Катта-катта ҳудудларда жойлашгани туфайли устини ёпишга бюджетдан миллиард-миллиард маблағ керак бўлади. Фақат қисман консервация қилиб қўйиляпти. Лекин йиллар ўтган сари пахса деворлар ёмғир, қор, шамол ва иссиқ сабабли барибир емириб боради. Бунинг олдини олиш жуда қийин. Аммо давлатимиз бу ишларга пул ажратиб, консервация ва реставрация қилиш орқали қисман бўлса ҳам сақлаб қолишга уриняпти», — дейди Фазлиддин Давлатов.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 42416 | Инструменты