Huawei 1
Маркировкаланган маҳсулотларнинг улгуржи савдоси нақд пульсиз амалга оширилади

Мажбурий рақамли маркировкалаш лозим бўлган товарларнинг чакана савдосини тартибга солиш тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан 1 сентябргача Солиқ қўмитаси алкоголь, тамаки ва пиво маҳсулотлари, маиший техника ва дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг “Асл белгиси” тизимидан рўйхатдан ўтганлиги ҳамда рақамли маркировкалаш талабларига риоя этишини назоратга олади.

Рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарларнинг чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар ўз фаолиятини тўхтатмоқчи бўлса, солиқ инспекциясини бир ой олдин хабардор қилиши керак. Уч иш кунида йиғимларнинг тўлиқ тўланганлиги ҳамда маҳсулотларнинг омбордаги қолдиқлари хатловдан ўтказилади.

Қўмитага 2026 йилнинг 1 августигача қалбаки маркировкаланган ва контрафакт маҳсулотларни импорт қилувчи, ишлаб чиқарувчи ҳамда улгуржи ва чакана реализация қилувчиларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортиш нормаларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ҳукуматга киритиш топширилди.

Бир ой ичида маркировка кодларини чоп этувчи ҳамда тегишли ускуналарни етказиб берувчи корхоналар тўғрисидаги маълумотлар қўмита сайти ва «Солиқ» мобил иловасида жойлаштирилиши керак.

1 ноябргача маркировкаланадиган маҳсулотларнинг улгуржи савдосини фақат нақд пульсиз шаклда сотиш талабини белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси 1 декабргача халқаро экспертлар билан “Савдо тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ҳукуматга киритиши зарур. Ҳужжат улгуржи ва чакана савдони тартибга солишни ҳамда маркировкалаш қоидаларини белгилайди.

Ноябргача “CRPT Turon” томонидан захира сервер, телекоммуникация ва бошқа асбоб-ускуналар Солиқ қўмитасига жойлаштирилади. “Асл белгиси” маълумотларига асосан савдо фаолиятида маркировкаланадиган товарлар ишлаб чиқарилгандан (импорт қилингандан, харид қилингандан) кейин 6 ой ичида реализация қилинмаган деб кўрсатилган ҳолатлар тўғрилиги қатъий назоратга олинади.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 50408 | Инструменты