Оғир шароитга тушиб қолган уй-жойга муҳтож қизлар учун 1 хонали ижтимоий уйлар қурилади

Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида қизларнинг таълим олиши, даромад топиши, шароитларини яхшилаш борасидаги ишлар давом эттирилиши таъкидланди.

Жумладан, оғир шароитга тушиб қолган уй-жойга муҳтож қизлар учун 1 хонали ижтимоий уйлар қурилади. Улар ишга жойлашиб, оёққа туриб олгунга қадар, ушбу уйларда 3 йил давомида бепул яшаши мумкин бўлади.

Ҳокимларга ижтимоий уйларнинг намунавий лойиҳасини қилиб, қурилишни бошлаш топширилди.

Соғлиги туфайли ишга қатнай олмайдиган қизларнинг яшаб турган хонадонида  масофавий иш билан таъминлаш чоралари кўрилади. Бундан ташқари, уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизларга масофавий таълим олиш имконияти яратилади.

Сўнг давлатимиз раҳбари ёшлар билан мулоқот қилди. Сўзга чиққан йигит-қизлар бир қатор таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.

Хусусан, мустақил Ўзбекистон темир йўллари ташкил топганининг 30 йиллигига темир йўл соҳасида халқаро форум ташкил қилиш, Марказий Осиё ва Туркий давлатлар ёшлари билан экологик масалаларни доимий муҳокама қилиш мақсадида Халқаро кенгаш тузиш таклиф қилинди.

Юртимизда органик маҳсулот етиштиришни қўллаб-қувватлаш, “Иқтидорли ёш кадрлар” электрон платформасини ишга тушириш, “Келажак касблари лойиҳаси” доирасида тил ўрганиш тартибини такомиллаштириш юзасидан фикрлар билдирилди.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 70112 | Инструменты