Huawei 1
“Ремдесивир” ва “Фавипиравир”нинг ножўя таъсирлари ҳам бор (ми?)

“COVID-19”  касаллигини даволашда яхши натижа кўрсатаётган дори воситалари мавжуд бўлиб, бундай дорилар орасида ҳозирда энг машҳури “Ремдесивир” ва “Фавипиравир” дейиш мумкин. Аммо бу дори воситаларининг ножўя таъсирлари ҳақида ҳамма ҳам билмайди...

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати мазкур савол билан ССВ ҳузуридаги  Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзозбек Ризаевга мурожаат қилди.

—  Тўғри, Японияда “Авиган” (“Фавипиравир”) дори воситаси фақат буюртма асосида клиникаларга етказиб берилади. “Ремдесивир” вирусга қарши дори воситаси эса фақатгина стационар шароитида қўллашга мўлжалланган. Чунки “Ремдесивир” дори воситаси “COVID-19” касаллигининг ўрта оғир ва оғир шаклида беморларга тавсия этилади. Сабаби барча дори воситалари сингари ушбу дори воситасининг ҳам фойдали ва зарарли тарафлари мавжуд. Жумладан, тиббий кўрсатмасиз пала-партиш ва юқори дозада ишлатиш буйрак етишмовчилигини келтиради, жигар ферменти “АлТ”нинг ошишига олиб келади, ўткир нафас етишмовчилиги, кўнгил айниши ва қабзиятни чақиради.

“Фавипиравир” дори воситаси касалликни енгил ва ўрта оғир кечиш даражасида фақат шифокор назорати остида тавсия этилади. Сабаби “Фавипиравир”ни вирус юкламаси кўп бўлганда ва фойдаси зараридан устун деб топилгандагина тавсия этилади. Уни ҳомиладор аёллар қабул қилганда боланинг кўп нуқсонли туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Буйрак етишмовчилигини чақиради. Ҳаракат функцияларини бузади.

Ачинарлиси, санаб ўтилган ножўя таъсирига қарамай, аҳоли  орасида “Ремдесивир” ва “Фавипиравир” дори воситаларини ишлатишга хоҳиш ортиб бормоқда. “COVID-19” касаллиги билан  “асоратланган” ҳолатда тиббиёт муассасаларига мурожатлар кўпайиб кетди. Бунга эса билиб-билмасдан кўп миқдорда ва керак бўлмаган ҳолатда юқорида санаб ўтилган дори воситаларини ўзбошимчалик билан қабул қилиш сабаб бўлмоқда.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 91011 | Инструменты