19–20 апрель кунлари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги назорат инспекцияси ҳамда Сирдарё вилояти давлат экологик инспекторлари ҳамкорлигида Сирдарё дарёсида ноқонуний балиқ овлаш ҳолатларига қарши махсус назорат тадбирлари амалга оширилди.
Ушбу тадбирлар аҳолининг кўплаб мурожаатлари асосида, хусусан, балиқларнинг уруғланиш (урчиш) даврида браконерлар томонидан электр қармоқ ва ноқонуний тўрлардан (лескали тўрлар) фойдаланиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбир давомида дарёдан умумий узунлиги 1000 метрга яқин бўлган, ноқонуний тарзда ўрнатилган 20 га яқин лескали тўрлар йиғиб олинди. Ушбу тўрлар белгиланган тартибда йўқ қилинади. Шунингдек, электр қармоқдан фойдаланган ҳолда балиқ овлаган 2 нафар ҳуқуқбузар қўлга олинди. Улардан ашёвий далил сифатида 1 дона алюминий қайиқ, мотор, 2 дона аккумулятор, электр қармоқ ва тегишли ов қуроллари, шунингдек, турли хилдаги 21 дона балиқ далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Ҳуқуқбузарлик натижасида табиатга жами 368 миллион 437 минг 500 сўм зарар етказилган. Барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.
Экология вазирлиги юртдошларимизни табиий заҳираларни муҳофаза қилишда фаол иштирок этишга, балиқ овлашда фақат белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилишга чақиради.
Alpha version: 0.9.1.19 build 42403 | Инструменты