Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги аҳоли томорқа ерларини сув билан кафолатли таъминлаш мақсадида янги томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Ушбу тизим учун 180 метр чуқурликдан сув чиқарадиган вертикал суғориш қудуғининг сув насослари қуёш панелларидан қувватланади.
Лойиҳа доирасида мазкур тизим сабабли 10 та хонадон 0,8 гектар ерни томчилатиб суғориш орқали эгатлаб суғоришга нисбатан 60 фоизга яқин сувни тежаб қолмоқда. Ушбу суғориш тизимининг умумий қуввати эса яна 20 дан ортиқ хонадонга кенгайтириб, жами 3 гектар ерни суғориш учун ҳам етади.
Ушбу “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторининг “яшил иқтисодиёт”га инклюзив ўтишини қўллаб қувватлаш ва иқлимга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацион тизимини ривожлантириш” лойиҳаси БМТТД ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Лойиҳа Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилади. Лойиҳа доирасида “Муқобил энергия асосида томчилатиб суғориш” Инновацион гуруҳи ташкил этилган бўлиб, у ўз фаолиятини маҳаллий ташкилотлар вакилларидан иборат жамоа билан олиб боради. Янги томчилатиб суғориш тизимининг жорий этилиши ҳам ушбу гуруҳ меҳнатининг самарасидир.
– Қуёш энергияси билан ишлайдиган ушбу томчилатиб суғориш тизими нафақат сув танқислигини бартараф этади, балки Ўзбекистонда янада барқарор қишлоқ хўжалигига йўл очади, – дея таъкидлайди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлик бўлими раҳбари Вим Риепма. – Энг муҳими, маҳаллий томорқа ер эгалари муқобил электр энергия ва суғориш тизимидан самарали фойдаланиш имкониятини қўлга киритмоқда. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларнинг даромадларини оширишга хизмат қилади.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда иқлим ўзгариши ва сувга бўлган талабнинг ортиши атроф-муҳит ва озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солар экан, ҳукумат иқлимга мослашишнинг асосий чораси сифатида фермер хўжаликларига тежамкор суғориш тизимини жорий қилишни тарғиб қилмоқда. Қуёш панеллари қувватидан ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергияси давлат электр тизимига сотилади, олинган даромад эса суғориш қудуғи ва томчилатиб суғориш тизимини сақлаш ҳамда бошқариш учун сарфланади.
– Бугун Қуёш энергияси ёрдамида ишлайдиган томчилатиб суғориш тизими ишга туширилди. Бу Ўзбекистон аҳолиси ҳаётини яхшилаш йўлида муҳим ҳисобланади. Тизим сув ва энергия хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ерларни муҳофаза қилиш бўйича бир нечта Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга ёрдам бераётганига гувоҳ бўлаяпмиз, – деди БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии хоним.
Албатта, бу каби инновацион технологияларни жорий қилиш сув танқислигида муҳим ечим бўлиб, қишлоқ аҳолиси ўз томорқа ерларини муаммосиз суғориш имконияти яратилади.
- Июнь ойида қурғоқчилик бўлар эди. Томчилатиб суғориш тизими татбиқ этилиб, ҳатто ёзнинг кунида ҳам, боғимиз ям-яшил, помидор, бақлажон ва булғор қалампирларимиз пишиб турибди. Маза қилиб боғдорчилик қиляпмиз, – деди хонадонлардан бирида яшовчи Мафтуна Аҳмедова.
Alpha version: 0.9.1.19 build 50308 | Инструменты