Президент Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади, у расмий эълон қилинганидан уч ой ўтиб кучга киради.
Ҳужжатга кўра, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари қуйидаги хавфларни қоплайдиган суғурта шартномаларини тузиши мумкин:
- табиий ва техноген офатлар;
- ёнғин;
- ўсимликларнинг зараркунандалар ва касалликлардан зарарланиши;
- қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг юқумли касалликлари тарқалиши ва заҳарланиши;
- ёввойи ҳайвонлар томонидан экинларнинг пайҳон қилиниши ёки қишлоқ хўжалиги ҳайвонларига зарар етказилиши;
- учинчи шахсларнинг ҳаракатлари.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги рискларини суғурталашни мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланди.
Суғурталашни бошқариш ва ишлаб чиқарувчиларни хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш ва зарарни қоплаш учун суғурталовчи вазифасини бажарадиган Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси тузилади. Ушбу фонд нотижорат ташкилот бўлади.
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси ихтиёрий асосда амалга оширилади. Қишлоқ хўжалиги суғуртасининг субъектлари — фонд, ишлаб чиқарувчилар, воситачилар ва мустақил экспертлар.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларнинг бўлғуси ҳосилнинг ва етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг йўқотилиши (нобуд бўлиши) хавфи, экинларга ва қишлоқ хўжалиги ҳайвонларига, шунингдек иссиқхоналарга ва уларда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотига зарар етказилиши билан боғлиқ бўлган мулкий манфаатлари қишлоқ хўжалиги суғуртасининг объектлари ҳисобланади.
Суғурта мукофотининг миқдори қишлоқ хўжалиги экинлари ва ҳайвонларнинг ҳар бир тури учун белгиланади ва қуйидагиларга боғлиқ бўлади:
- ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ўзига хос хусусиятлари ва улар билан боғлиқ хавфлар;
- минтақанинг табиий-иқлим шароитлари.
Суғурта ҳодисаси юз берганда мустақил эксперт хулосаси суғурта товонини тўлаш учун асос бўлади. Агар жамғарма суғурта ҳодисаси юз берганини тасдиқласа, тўлашдан бош тортишга йўл қўйилмайди. Қайта экспертиза ўтказиш зарурати туғилса, жамғарма томонидан қўшимча текширув ташкил этилади, агар зарар қасддан қилинган ҳаракатлар натижаси экани аниқланса, товон тўланмайди.
Alpha version: 0.9.1.19 build 42401 | Инструменты