UzGTL Қашқадарёда замонавий завод қуради

Пойтахтимизда Ўзбекистон нефть ва газ саноатида GTL лойиҳаси бўйича халқаро кредиторлар йиғилиши ўз ишини бошлади. Корея Экспорт-Импорт Банки, Корея Савдо ва Суғурта Корпорацияси, “Газпром” акциядорлик жамияти, “Росэксимбанк” акциядорлик жамияти ҳамда Экспорт кредитлари ва инвестицияларни суғурталаш бўйича Россия агентлиги вакиллари мазкур йиғилишда иштирок этиш учун ташриф буюришди. Йиғилиш давомида Қашқадарё вилоятида қуриладиган завод бўйича тақдимот ҳам ўтказилди ва бу борада халқаро экспертларнинг фикри тингланди.

Йиғилишда лойиҳани молиялаштиришнинг умумий шартлари муҳокама қилинди. Ушбу лойиҳага кўра, “Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метан асосида синтетик суюқ ёқилғини ишлаб чиқариш” лойиҳаси доирасида Қашқадарёда замонавий, халқаро стандарларга жавоб берадиган завод қурилади. GTL технологияси бўйича ишлаб чиқаришлар дунё бўйлаб саноқли бўлиб – фақатгина Жанубий Африка Республикаси, Малайзия ва Қатарда мавжуд. Тақдимот давомида қайд этилганидек, завод йилига 1,5 миллион тоннадан ортиқ ЕВРО 5 стандартига мос юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғини ишлаб чиқаради. Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳани амалга ошириш орқали 1,5 миллион тоннагача маҳсулот импорт ўрнини босади.

"Ўзбекнефтегаз" АЖ Бошқарув раиси биринчи ўринбосари Улуғбек Саидов: Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳани ишга тушириш ва шу йилнинг ноябрь ойи охирига қадар инвестицияларни жалб қилишни якунлаш бўйича топшириқ берганини барчангизга маълум қилишдан мамнунман. Ушбу учрашувимиз олдимизга қўйилган вазифаларни бажаришимизга туртки бўлади. Бунинг барчаси жамоавий иш ҳисобланади ва унинг натижаси ҳар биримизга боғлиқ.

Йиғилиш давомида маслаҳатчилар, хорижлик мутахассис ва кредиторларнинг фикри ўрганилди. Ташриф доирасида 1 ноябрь куни кредиторлардан иборат делегация Қашқадарё вилоятидаги UzGTL қурилиш майдонида жойлашган объектларини бориб кўради ва янги завод қурилиш жараёни билан танишади.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 121500 | Инструменты