Huawei 1
Глобал исиш руҳий саломатликка таҳдид солмоқда

Австралияда олиб борилган янги тадқиқот глобал исишнинг инсон руҳий саломатлигига хавфли таъсирини очиб берди. "Натуре Слимате Чанге" журналида чоп этилган мақолага кўра, агар иқлим ўзгаришининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрилмаса, 2050 йилларга келиб Австралияда руҳий ва хулқ-атвор бузилишлари (ППД) ҳолатлари қарийб 49 фоизга ошиши мумкин.

Тадқиқотчилар 2003–2018 йиллар оралиғидаги тиббий маълумотларни ўрганиб, ҳаддан ташқари иссиқлик билан ташвиш, депрессия, шизофрения ва гиёҳвандлик каби руҳий муаммолар ўртасида кучли боғлиқликни аниқлашди. Жумладан, 2008 йилда Аделаида шаҳридаги 15 кунлик жазирама даврида болалар орасида касалхонага ётқизилиш ҳолатлари 64 фоизга, кексалар орасида эса 10 фоизга кўпайган.

Ҳатто нисбатан юмшоқ иқлим сценарийсида (2100 йилгача 3°С дан кам исиш) ҳам, Австралияда 2030 йилларда руҳий касалликлар тарқалиши 11 фоизга, 2050 йилларда эса 27,5 фоизга ошиши кутилмоқда. Ҳароратга тарихан мослашмаган ҳудудларда бу хавф янада юқори.

Иссиқлик инсон психикасига уйқу сифати, стресс даражаси ва марказий асаб тизимига кислород таъминоти орқали салбий таъсир қилади. Айниқса, ёшлар юқори хавф остида, чунки улар кўпроқ очиқ ҳавода бўлади ва камроқ ҳимояланади.

Тадқиқот муаллифлари руҳий саломатликни иқлим ўзгаришига мослашув стратегиясининг ажралмас қисмига айлантириш зарурлигини таъкидлайди. Акс ҳолда, глобал исиш бутун дунёда руҳий саломатлик инқирозини кучайтириши мумкин.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 42401 | Инструменты