Россия Тергов қўмитаси "Медуза" нашри асосчиси Галина Тимченкога нисбатан «номақбул» ташкилот фаолиятини ташкил этиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда 20 май, сешанба куни идоранинг Москвадаги бошқармаси хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, 2024 йил сентябр ва 2025 йил март ойларида Тимченко «фуқаролар ўртасида норозилик кайфиятини уйғотиш, шунингдек, уларни Россия ҳудудида номақбул деб эълон қилинган ташкилот фаолиятига жалб қилиш учун» видеоларни интернетда эълон қилган. Гап айнан қайси ёзувлар ҳақида кетаётгани айтилмаган.
Тергов Тимченкога қидирув эълон қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. «Тергов ҳаракатлари далиллар базасини тўплаш ва таъминлашга қаратилган», — дейилади Россия Тергов қўмитаси хабарида.
Иш очилган моддада олти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
2023 йил январида Россия Бош прокуратураси "Медуза" нашрини Россияда «номақбул» ташкилот деб эълон қилди. Идорага кўра, нашр фаолияти «Россия Федерациясининг конституциявий тузуми ва хавфсизлиги асосларига» таҳдид солади.
2024 йил август ойида Россия Адлия вазирлиги Галина Тимченкони «чет эл агентлари» реестрига киритди.
Alpha version: 0.9.1.19 build 52122 | Инструменты