Huawei 1
Ўзбекистонда ижтимоий фаол аҳолининг камбағал оилалар тоифасига тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида ижтимоий суғурталаш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда

Парламент қуйи палатаси мажлисида “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Жамшид Абрўевнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг мақсади давлат ижтимоий суғуртаси тизими, уни ташкил этиш ҳамда давлат ижтимоий суғуртаси тўловларини тўлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.  

Қонун лойиҳаси билан Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўланадиган бир қатор нафақа турлари белгиланмоқда. Хусусан, ишчиларнинг бетоблиги сабабли меҳнатга лаёқатсизлиги даври учун тўланадиган нафақа, «декрет» — аёлларнинг туғуруққача ва туғуруқдан кейинги даври учун тўланадиган нафақа, ишдан бўшатиш нафақаси – фуқароларнинг вақтинча ишсизлиги даврида тўланадиган нафақа.  

Шунингдек, қонун лойиҳасида Ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан аҳолини суғурталаш тизими жорий этилиши белгиланмоқда. Хусусан, инсон ҳаёти ва фаолияти давомида вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотганида (ўзи ёки фарзанди касал бўлганида, қисқа даволанишда, туғуруқ даврида) ёки ишсиз қолганида, Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан ижтимоий қўллаб-қувватланади.  

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фаолият туридан қатъи назар ишлаётган ходимларга вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳамда ишдан бўшатиш нафақасини тўлиқ тўланишига, ижтимоий фаол аҳолининг камбағал оилалар тоифасига тушиб қолишининг олдини олишга хизмат қилади.  

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, уни биринчи ўқишда қабул қилдилар.  

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 90904 | Инструменты