Маданий мерос агентлиги директори Маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва оммалаштириш билан боғлиқ фаолиятни янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.
Маданий мерос агентлиги томонидан Президентнинг 2023 йил 11 сентябрдаги «Ўзбекистон-2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, республикадаги 60 та маданий мерос объекти ва 7 та музейнинг реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқилди ҳамда давлат экспертизасидан ўтказилди. Бугунги кунда мазкур объектларни таъмирлаш-тиклаш юзасидан пудрат шартномалари расмийлаштирилиб, амалий ишлар бошлаб юборилган.
Шунингдек, маданий мерос объектлари ва давлат музейларида таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш, уларда фаолият юритаётган ишчи ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар устида иш олиб борилмоқда. 2023-2024 йиллар давомида жами 16 та музей биносида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилади.
Агентлик томонидан археология ёдгорликларида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун рухсатнома расмийлаштириш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, археология ёдгорликларини музейлаштириш чораларини кўриш йўналишида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилояти, Булунғур туманида жойлашган «Шерозқалъа», Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида жойлашган “Қўйқирилган қалъа”, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида жойлашган «Далварзинтепа», Андижон вилояти Марҳамат туманида жойлашган «Мингтепа», Тошкент шаҳри Чилонзор туманида жойлашган «Оқтепа» археология объектларида археологик қазув ишлари учун рухсатномалар расмийлаштирилди.
Давлат музейларидаги электрон идентификация қилинадиган музей ашёлари ва музей коллекциялари сони оширилади. Эслатиб ўтамиз, ҳозирда давлат музейлари фондларидаги музей ашёлари ва коллекциялари сони икки миллиондан зиёдни (2 525 023 тани) ташкил этади, шундан, бир миллион саккиз юз мингдан ортиғи (1 815 211 таси) асосий фондда, етти юз ўн мингга яқини (709 812 таси) илмий-ёрдамчи фондда сақланмоқда, 82 067 таси музей экспозицияларида намойиш қилинмоқда. 2023 йилнинг 23 ноябрь ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикаси миллий музей фонди давлат каталогига (goskatalog.uz) бир миллион уч юзга яқин (1 281 337 дона) музей ашёлари ва коллекциялари киритилди. Йил якунига қадар қўшимча 100 мингга яқин музей ашёлари киритилиши режалаштирилмоқда.
2023 йил якунига қадар давлат музейларига ташриф буюрадиган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини 3 млн нафарга етказиш, 2024 йилда эса ташрифчилар сонини 1 млнга ошириб, 4 млн нафарга етказиш мақсад қилинган. Шу билан бирга, давлат музейлари раҳбар ва ходимларининг малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.
Alpha version: 0.9.1.19 build 62113 | Инструменты