2024 йилда 10 дан ортиқ йирик халқаро компаниялар Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарини очди

2024 йил бошидан буён 10 дан ортиқ йирик халқаро компаниялар Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарини очди. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дилноза Собирова маълум қилди.

Қайд этилишича, 2024 йил бошидан буён 10 дан ортиқ йирик халқаро компаниялар Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарини очди. Натижада давлат бюджетига 160 миллиард сўмдан ортиқ солиқ тушумлари таъминланди ва электрон тижорат соҳасидаги ўзини ўзи банд қилган шахслар сони 55 фоизга ошди.

2024 йилда агентлик томонидан электрон тижорат соҳасини тартибга солиш ва ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида 2024 йил 26 декабрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 885-сон қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур ҳужжат асосида Солиқ кодексига, шунингдек, “Электрон тижорат тўғрисида”ги ва “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Ушбу ўзгаришлар электрон тижоратни янада ривожлантириш, бозор шаффофлигини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Қарорда электрон тижорат операторлари фақат Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар бўлиши мумкинлиги белгиланди.

Шу билан бирга, 2025 йил 1 июлдан бошлаб:

– электрон тижорат операторлари фаолиятини амалга ошириш учун хабардор қилиш тартиби жорий этилади, шунингдек, электрон тижорат субъектлари реестрини юритиш тартибини ҳам ўз ичига олган ҳолда тегишли талаблар ва шартлар белгиланади;

- молиявий операцияларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида электрон тижоратда ҳисоб-китоблар фақат алоҳида банк ҳисобварақлари орқали амалга оширилади;

– ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромадлари айланмадан олинадиган солиққа тортиш мақсадида алоҳида банк картасига боғланган алоҳида банк ҳисобварағида ҳисобга олинади;

– ўзини ўзи банд қилган шахснинг алоҳида банк ҳисобварағига келиб тушадиган пул маблағлари миқдори ўзини ўзи банд қилган шахсни айланмадан солиқ тўловчи сифатида тан олиш учун товарларни реализация қилишдан олинган даромадни аниқлашда фойдаланилади;

– юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга электрон тижорат орқали хорижга товарларни экспорт қилишда шартномаларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида рўйхатдан ўтказмасдан курьерлик ва почта хизматлари орқали жўнатишга ушбу платформаларни солиқ ва божхона органлари тизимлари билан интеграциялаш шарти билан рухсат этилади.

Бунда электрон савдо платформалари Ўзбекистон Солиқ қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси ахборот тизимлари билан белгиланган тартибда интеграция қилиниши лозим.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 50219 | Инструменты