18 сентябр куни Ўзбекистоннинг учта клуби футбол бўйича Осиё Чемпионлар лигасининг 1-тури доирасида сафарда учрашувлар ўтказди.
Наманганнинг “Навбаҳор” клуби Саудия Арабистонининг “Ал Ҳилол” жамоаси меҳмони бўлди. Наманганликлар 4 карра Осиё чемпионлари билан дуранг қайд этди.
Биринчи бўлим тенг курашлар остида ўтди. Учрашувнинг 52-дақиқасига келиб наманганликлар ҳужумчиси Тома Табатадзе қарши ҳужумдан унумли фойдаланиб ҳисобни очди. Учрашувга қўшиб берилган 90+10-дақиқада рақиб жамоа аъзоси Ал Булайҳи ҳисобни тенглаштириб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.
Маълумот учун, “Ал Ҳилол” таркибида Неймар, Митрович ва Малком каби юлдузлар 90 дақиқа давомида ҳаракат қилди.
Бундан ташқари, ОЧЛ 1-тури доирасида Ўзбекистоннинг бошқа клублари ҳам ўз ўйинларини ўтказди. Хусусан, Қаршининг “Насаф” клуби сафарда Иорданиянинг “Ал Файсали” жамоасини мағлуб этди. Драматик ўтган учрашувдаги ягона гол 90+8-дақиқада Зафармурод Абдураҳматов томонидан киритилди.
Шунингдек, Олмалиқнинг ОКМК клуби Жиддада Саудия Арабистонининг яна бир клуби юлдузли таркибга эга клуби — “Ал Иттиҳод"га қарши майдонга тушди. ОКМК сафарда йирик — 3:0 ҳисобида мағлубиятга учради.
Учрашувда “Иттиҳод"нинг асосий юлдузи ҳисобланган Карим Бензема майдонга тушмади (қайдномага ҳам киритилмаган), Нголо Канте эса 80 дақиқа давомида ҳаракат қилди.
Alpha version: 0.9.1.19 build 62306 | Инструменты