«Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» Иқтисодиёт ва молия вазирлигига қайтарилди – президент фармони

Президент Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни «Саноат ва унинг базавий тармоқларини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармон билан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига давлат саноат сиёсатини амалга ошириш ҳамда саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш бўйича вазифа юклатилди. Илгари бу вазифа Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига юклатилган эди.

Вазирлик эндиликда маҳаллий саноат тармоқларида ишлаб чиқариш, инвестиция, экспорт, маҳаллийлаштириш ва саноат зоналарини ривожлантириш масалалари учун масъул ҳисобланади.

Фармон билан қуйидагилар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг саноатни ривожлантириш бўйича асосий вазифалари этиб белгиланмоқда:

  • ягона давлат саноат сиёсатини амалга ошириш ва саноат тармоқларини ривожлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш;
  • табиий хомашё, меҳнат ресурслари ва ҳудудларнинг «қиёсий устунликларини» ҳисобга олган ҳолда саноат ривожланишини рағбатлантирувчи соҳаларни аниқлаш ва уларни амалга оширишни мувофиқлаштириш;
  • саноатнинг асосий тармоқларини, жумладан, нефть-газ, энергетика, кимё, тоғ-кон саноати ва автомобилсозликни ривожлантириш, рақобатбардошлигини ошириш, диверсификация қилиш ва ислоҳ қилиш бўйича стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш;
  • ресурсларнинг тармоқлар ва ҳудудлар ўртасида мутаносиб тақсимланишини ва инфратузилманинг мутаносиб ривожланишини таъминлаш;
  • манфаатдор вазирликлар билан биргаликда энергия ресурслари, қимматбаҳо ва рангли металлар, бошқа стратегик ресурсларни ишлаб чиқариш, уларнинг истеъмол балансини шакллантириш ва назорат қилиш ҳамда ишлаб чиқариш кучларини мақбуллаштириш;
  • соҳаларда меҳнат унумдорлигини ошириш, энергия ва бошқа ишлаб чиқариш ресурсларини тежаш, ишлаб чиқариш таннархини камайтириш ва иш самарадорлигини ошириш учун янги механизм ва ёндашувлардан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни мувофиқлаштириш;
  • муҳим саноат маҳсулотларининг бозор конъюнктурасини ўрганиш, ички бозор талабини тегишли маҳсулотлар билан қондириш ва нархларнинг кескин ўзгаришига йўл қўймаслик бўйича таклиф ва чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда саноат корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш.

Вазирликда халқаро консалтинг компанияларни жалб қилган ҳолда Саноат сиёсатини амалга ошириш ва саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади.

Лойиҳа офисига ҳам қатор вазифалар юклатилмоқда:

  • саноатда иқтисодий ўсиш «нуқта»ларини аниқлаш, ҳудудларда «драйвер» соҳаларни белгилаш, янги турдаги қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
  • саноат тармоқларида ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархини пасайтириш ва энергеиядан самарали фойдаланиш, шу жумладан ресурс ва энергия тежамкорлигини ошириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш;
  • саноат тармоқларининг ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таҳлил қилиш, маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарида самарадорликни ва меҳнат унумдорлигини ошириш сиёсатини ишлаб чиқиш;
  • саноат соҳаларини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда давлат томонидан самарали қўллаб-қувватлаш механизмларини ишлаб чиқиш.

Вазирликка Лойиҳа офиси фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун, истисно тариқасида, халқаро консалтинг компаниялари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилмоқда.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 40502 | Инструменты