Huawei 1
"Миллий боғлар худди эркинлик каби қадрланиши, ҳимоя қилиниши керак" – АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник

Америкалик дипломат элчихонада АҚШ мустақиллигининг 248 йиллигига бағишланган тадбирда нутқ сўзлади. Унда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳам иштирок этди.

АҚШ элчихонасидаги бу йилги тадбир Америка миллий боғларига бағишланди. 

"Бугунги тадбиримиз бизга севимли бўлган АҚШ миллий боғлари мавзусига бағишланиб, уларнинг биринчиси бундан 150 йилдан ортиқ аввал ташкил этилган. Ҳар йили 330 миллиондан ортиқ америкалик ва чет эллик сайёҳ Ёсемите, Йеллоустон, Гранд Канён ва бошқа кўплаб боғларимизда муҳофаза этиладиган ажойиб табиат гўзаллигидан баҳраманд бўлишади. Дарҳақиқат, ёз ойларида оила билан машинада миллий боғларни зиёрат қилиш мақсадида сафарга отланишдан ҳам ортиқроқ америкача анъана мавжуд эмас", деди элчи. 

Жонатан Ҳеник "оддий, аммо инқилобий ғоя бўлмаганда", ушбу боғлар бугунги кунда йўқолиб кетган бўлишини таъкидлади. 

"Бу ғояга кўра, ушбу ҳайратомуз манзаларалар имтиёзларга эга озчилик учун эмас, балки ҳамма учун бирдай тегишли бўлган хазинадир. Президент Франклин Рузвелт бу ғояга мана бундай ажойиб таъриф берганди: "Бизнинг миллий боғларимиздан ҳам ортиқроқ америкача ҳеч нарса йўқ… Миллий боғлар ортидаги асосий ғоя шуки, мамлакат халққа тегишлидир", деди дипломат. 

Ҳеник сўзларига кўра, бу боғларни барпо этиш осон бўлмаган. Экологлар ва табиатни муҳофаза қилувчилар ёғоч, тоғ-кон саноати, энергетика ва бошқа манфаатлар борасида баҳслашган ва охир-оқибат ғалаба қозонган.  

"Натижада, бизнинг миллий боғларимиз кўпинча Американинг «энг яхши ғояси» дея таърифланади ва ер ҳам худди эркинлик каби қадрланиши, ҳимоя қилиниши ҳамда ҳамма учун очиқ бўлиши керак деган фикрни илгари суради. Бу гўзал қўриқхоналар нафақат табиат мўъжизаларимизни сақлаб қолади, балки улар демократиянинг ҳам ўзига хос рамзи саналади", деди элчи. 

Ҳеникнинг таъкидлашича, худди шундай жараён ҳозир Ўзбекистонда ҳам кузатилмоқда, ўзбекистонликлар боғларни кўпайтириш ҳамда, нафас олинаётган ҳаво ва ичимлик сувини муҳофаза қилишни тарғиб этмоқда. 

"Иқтисодий ўсиш ва табиатни асрашга бўлган эҳтиёжни мувозанатлаш осон иш эмас. Бунда нафақат ҳукумат, балки фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва ватандошлар ҳам фаол иштирок этиши зарур. Гап Ўзбекистон ҳақида бўладими ёки Қўшма Штатлар ҳақида бўладими, халқларимиз ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тегишли сиёсатни ишлаб чиқишда иштирок этиш эркинлигига эга бўлсалар, мамлакатларимиз янада кучлироқ ва атроф-муҳитимиз янада хавфсизроқ бўлиши аниқ", деди элчи. 

Ҳеник сўзининг охирида Украина, Исроил ва Ғазодаги бегуноҳ эркаклар, аёллар ва болаларга нисбатан қўлланилаётган терроризм ва зўравонликка чек қўйилиши зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, "демократия каби парвариш этилиши, ҳимоя қилиниши ва асраб-авайланиши керак бўлган" боғлардан илҳом олишда давом этишга чақирди. 

"Келинг, биргаликда ушбу табиий манзаралардан баҳраманд бўлайлик ҳамда Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам муносабатларга асос бўлган ва халқларимизни порлоқ келажак сари йўналтирувчи умумий мажбуриятларни эсга олайлик", - деди элчи.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga