Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Охирги уч йилда 3 мингта кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди, 38 миллион квадрат метр нотурар жойлар пайдо бўлди.
Девелоперларга янги массивлар ҳудудининг 10-15 фоизини нотурар тоифага ўтказишга рухсат берилди. Улар бу мулкни сотишдан, савдо ва сервис тармоқлари эса ижарага ёки лизингга олишдан манфаатдор. Лекин уларни бир-бирига боғловчи тизим йўқ.
Бу борада банкларнинг девелоперлардан мулкларни тўғридан-тўғри сотиб олиш ва тадбиркорларга қулай шартларда ижара ёки лизингга бериш таклифи маъқулланди.
Бу орқали 50 минг квадрат метрли нотурар жойлар муомалага киради, бюджетга 70 миллиард сўм тушум ва 100-150 минг иш ўрни яратилади. Энг муҳими, лизинг шартлари ижарага нисбатан камида 15-20 фоиз арзон бўлади.
Мутасаддиларга девелоперлар билан ишлаб, нотурар жойларни ўзига бириктирилган соҳаларда лизингга бериш бўйича 4 триллион сўмлик лойиҳалар пакетини тайёрлаш топширилди.
Молиявий хизматлар ҳажмини 30 фоизга ошириш бўйича аниқ режалар белгиланган.
Президент давлат банклари онлайн хизматлар, аҳоли учун жозибадор янги маҳсулотлар яратишда хусусий банклардан орқада қолиб кетаётганини қайд этди.
Мисол учун, ўтган йили хусусий банкларда масофавий хизматдан фойдаланувчилар сони 32 фоизга ошган бўлса, давлат банкларида бор-йўғи 13 фоизга ошган.
Банклар жорий йилда масофавий хизмат кўрсатишни камида 30 фоизга ўстириши муҳимлиги таъкидланди. Мисол учун, кадастр, солиқ, адлия идораларининг базаси банклар ахборот тизимига интеграция қилинса, гаровга қўйилган мулкни нотариусга бориб, тақиқ қўйиш амалиёти бекор бўлади.
Мутасаддиларга онлайн кредит олиш тартибини соддалаштириш бўйича қарор ишлаб чиқиб, киритиш топширилди.
Alpha version: 0.9.1.19 build 121500 | Инструменты