Huawei 1
Ўзбекистондаги АҚШ савдо палатаси аъзолари билан онлайн-конференция бўлиб ўтди

21 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг Ўзбекистондаги АҚШ савдо палатаси аъзолари билан онлайн-суҳбати бўлиб ўтди.

Видеоконференцияда 30 киши, шу жумладан дипломатик миссиялар, бизнес доиралар ва халқаро университетлар вакиллари, АҚШнинг етакчи юридик  ва консалтинг фирмалари раҳбарлари иштирок этди.

Видеоконференция иштирокчилари Ўзбекистонда кейинги уч йилда Президент Ш.М. Мирзиёев раҳбарлигида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича улкан ишлар амалга оширилганлигини алоҳида таъкидадилар. Бу йўналишда эришилган муваффақиятлар халқаро ҳамжамиятнинг, шу жумладан тадбиркорларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиши ортишига туртки берди.

Учрашувда иштирокчилар Ўзбекистонда COVID-19 вируси тарқалишига қарши кўрилган чоралардан хабардор этилди. Бунда пандемия даврида ҳукумат томонидан аҳолини ва тадбиркорларни ҳукумат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича инқирозга қарши қатор чора-тадбирлар самарадорлигига эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда инвестиция муҳитини эркинлаштириш дастури ва АҚШ тадбиркорлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик устуворлиги муҳокаманинг асосий мавзуси бўлди. Ўзбекистон Республикаси парламенти томонидан қонунчилик-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ва инвестиция ҳуқуқини меъёрий тартибга солиш самарадорлигини яхшилаш бўйича фаол ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. Мазкур йўналишларда қабул қилинган тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган қонунлар мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилашга ва тадбиркорликнинг барча шаклларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Таъкидланганидек, сўнгги йилда Жаҳон банкининг ва Халқаро молиявий корпорациянинг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида мамлакатимиз 7 поғонага юқорилади ва корхоналарни рўйхатдан ўтказиш, контрактлар ижросини таъминлаш, миноритар инвесторларни ҳимоя қилиш каби кўрсаткичлар яхшиланди. Бу, ўз навбатида, қатор ривожланган индустриал мамлакатлардан ўзиб кетиш имконини берди. Шу муносабат билан иштирокчилар қурилишга рухсат олиш, мулкчиликни рўйхатдан ўтказиш каби муаммоли индикаторлар бўйича Ўзбекистон ўрнини яхшилаш мақсадида вазирликлар ва идораларда махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилганлигидан хабардор этилди.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши юзасидан АҚШ томони билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди. Шу муносабат билан бу йўналишда томонларнинг ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Мазкур учрашув мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган АҚШнинг етакчи компаниялари вакилларига тадбиркорлик муҳитини ва икки томонлама ҳамкорликни яхшилашга қаратилган қатор таклифларни билдириш имконини берди. Хорижий ҳамкорлар томонидан парламент назоратига олинган аниқ масалалар кўтарилганлигини алоҳида қайд этиш муҳим.

Иштирокчилар бундай учрашувлар ҳамкорларга ахборот етказиш, шунингдек қонун чиқарувчи органлар ва Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган халқаро бизнес тузилмалари ўртасида мулоқотни қўллаб-қувватлаш имконини беришини таъкидлади.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga