“Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги президент қарори (ПҚ-136-сон, 08.04.2025 й.) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, умумий ер майдони 5 гектардан кам бўлмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ўзларига қарашли қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг дала четларида ички хўжалик ер тузиш лойиҳасига мувофиқ жами ер майдонининг 1 фоизига, лекин 20 сотихдан кўп бўлмаган ўлчамда ер участкасидан рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турига мос бўлган музлаткичли омборхоналар, саралаш, қуритиш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сув тежовчи технологиялар ва сув сақлаш объектларини қуришга рухсат этилади.
2025–2026 йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини аҳоли томорқалари, деҳқон ва фермер хўжаликларидан йиғиб, саралаб, замонавий қадоқлаб шартнома асосида реализация қилган қишлоқ хўжалиги кооперативларига қадоқ харажатларининг 25 фоизи, бироқ ҳар бир қадоқ учун 3 минг сўмдан кўп бўлмаган миқдорда қоплаб берилади. Бунда:
- қишлоқ хўжалиги кооперативларининг мева-сабзавот маҳсулотларини йиғувчи ва тайёрловчи аъзолари маҳсулотларни сифатли тайёрлаш ва экспортга чиқариш бўйича «Эдукарантин.уз» ахборот тизими орқали ўқиб, сертификатга эга бўлиши лозим;
- сертификатга эга бўлган қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва улар аъзоларининг «Агрокўмакчи» мобил иловасида «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифалар бўйича рейтинг тизими юритилади.
Бундан ташқари, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини самарали ташкил этиш, сифатли транспорт-логистика (автомобиль, темир йўл ва авиа ташув) хизматлари кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида «Э-логистика» платформасида экспортёр ва ташувчи корхоналарнинг тўғридан-тўғри ишлаш имконияти таъминланади.
Alpha version: 0.9.1.19 build 50819 | Инструменты