Huawei 1
Автомобилни такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда

24 январда бўлиб ўтган Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги  қонун ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Бундан ташқари, Жиноят кодексида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. 

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, транспорт воситасини кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган “агрессив бошқариш”, “дрифт”, "шахмат" шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бундан ташқари, қонун билан жарима баллари ҳисобланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жазо қўллаш каби жавобгарлик белгиланмоқда. Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганда ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишнинг энг кам миқдори олти ойдан кам бўлмаслиги назарда тутилмоқда.

Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Сенат ҳуқуқ-тартибот ходимлари видеоларини "обрўсизлантириш мақсадида" тарқатишни тақиқловчи қонунни маъқуллагани ҳақида хабар берган эдик. Қонунга кўра, “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизмат вазифаларини бажараётган пайтда олинган фото – ва (ёки) видеотасвирни уларни обрўсизлантиришга олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш” учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Мақола муаллифи: И. Фарҳодова

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 42402 | Инструменты