Мобил қурилманинг идентификация кодини ўзгартирганлик учун жавобгарлик белгиланади

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакат ҳаётига дахлдор бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.

Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Қонун лойиҳаси мазмуни ҳақида депутат Дониёр Ғаниев маъруза қилди:  

"Мазкур қонун лойиҳаси Президентнинг тегишли қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Маълумки, ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиб бориши баробарида айрим шахслар томонидан замонавий рақамли технологиялар ютуқларидан ноқонуний ҳамда ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Шу боис ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мобил қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини ёки абонент қурилмасининг идентификациялаш модулини қонунчилик ҳужжатларига зид равишда ўзгартирганлик ёки нусхасини ясаганлик, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик ва қонунга хилоф равишда майнинг фаолиятини амалга оширганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда", — деди депутат.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 165-моддасига товламачилик жинояти билан боғлиқ аниқ нормалар киритилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қўмита томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда депутатлар, экспертлар, ҳуқуқшунослар томонидан берилган барча таклифлар, фикр-мулоҳазалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти лойиҳа матнида акс эттирилди. Шунингдек, фракциялар томонидан билдирилган таклифлар ҳам инобатга олиниб, қонун лойиҳаси маромига етказилди.  

Мажлисда қонун лойиҳасини моддама-модда кўриш давомида бир қатор аниқлаштирувчи саволлар ўртага ташланди ва тегишли жавоблар берилди. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда ҳам қабул қилинди.    

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 72310 | Инструменты