Тошкентдаги туманлардан бирида йигит вояга етмаган қизга шилқимлик қилиш мақсадида ташланди. Бу ҳақда “Сукут сақлама” лойиҳаси хабар берди.
Қайд этилишича, 2023 йилнинг июн ойида 16 ёшли қиз дорихонадан чиқиб, уйига қайтаётган пайтда орқасидан маълум муддат пойлаб келаётган одамни кўрмаган.
Уйига кириш йўлагида эркак қизга орқадан ҳужум қилиб, оғзини қўли билан беркитмоқчи бўлган ва унга тегинишни бошлаб, йиқитган. Қиз ёрдамга чақира бошлаганда зўравон қочиб кетган.
Қизга қўшнилар ёрдам беришган, ҳовлидаги эркаклардан бири эса жиноятчини қувиб етмоқчи бўлиб, ета олмаган.
Таъкидланишича, қизнинг онаси зудлик билан ички ишлар органларига мурожаат қилган ва воқеани тўлиқ тасвирга олган биринчи қаватдаги видеокузатув камерасидаги ёзувларни тақдим қилган.
Онанинг сўзларига кўра, йигит Тошкент кимё-технология институтининг 2-босқич талабаси, 2001 й.т. Х.А. тезда топилган.
Эътиборлиси, тергов давомида йигит бундай жиноятга биринчи марта қўл урмаётгани маълум бўлган.
Шу йилнинг март ойида у худди шу ҳудудда бир аёлга ташланган, аёл ундан қутилиб қолган, жиноятчи эса қочиб кетган.
Маълум қилинишича, Х.А. нинг вояга етмаганга нисбатан қилган ҳаракатлари шаҳвоний шилқимлик (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси), аёлга нисбатан эса майда безорилик (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси) сифатида квалификасия қилинган.
Шунингдек, келтирилишича, тергов Х.А нинг ҳаракатларида ҳеч қандай зўрлаш мақсадини кўрмай фақат безорилик мақсадини аниқлаган. Онанинг сўзларига кўра, ИИБ ва туман прокуратураси уч марта зўравонга жарима солишга уринган.
Фақат охирги судда ишни шаҳар прокурорига назорат қилиш учун топшириш ҳақида қарор қабул қилинган.
Alpha version: 0.9.1.19 build 50519 | Инструменты