Ўзбекистонда ҳарбий хизматчиларнинг мурожаат қилиш ва саломлашиш тартибига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар берди. Унга кўра, жамоатчиликнинг фаол аъзоси сифатида сиз ҳам фикр ва таклифларингизни қолдиришингиз мумкин.
Қайд этилишича, Ўзбекистон армиясида муомала маданиятини юксалтириш мақсадида ҳарбий атамаларда “Менинг”, “Сафдошим”, “Аскар”, “Қўмондоним” ва “Командирим” каби сўзларни татбиқ этиш зарурияти туғилмоқда.
Мутахассислар томонидан мурожаат этиш ва саломлашиш тартиби қуйидагича таклиф этилади:
I. Бўйсунувчилар ўз қўмондон (командир)ларига нисбатан:
“Менинг қўмондоним! Шахсий таркиб байрам муносабати билан сафланди”.
“Менинг қўмондоним! Буйруғингизга биноан бўлинмалар дала майдонига юборилди”.
“Қўмондоним! Барча бўлинмалар вазифа бажаришга тайёр”.
“Менинг командирим! Сержант Ахмедов буйруғингизга биноан етиб келди”.
“Командирим! Мен, лейтенант Салимов хизмат сафаридан келдим”.
II. Бўйсунувчилар ўз бошлиқларига нисбатан:
“Генералим! Мурожаат этишга рухсат беринг”.
“Полковнигим! Белгиланган шахсий таркиб сафланди”.
III. Командирлар ўз бўйсунувчиларига нисбатан:
Бўйсунувчи офицерларга ҳарбий унвони ва фамилияси ёки фақат ҳарбий унвони билан мурожаат этилади:
Масалан:
Полковник Маликов, вазият тўғрисида ахборот беринг!
Полковник, жанговар вазифани бажаришга киришинг!
Маёр Расулов, иккинчи маррани эгалланг!
Капитан, шахсий таркибни текшириб маълумот беринг!
Лейтенант, бўлинмангизни машғулот жойига олиб боринг!
Контракт асосида оддий аскар ва сержантлар ҳамда муддатли ҳарбий хизматчиларга ҳарбий унвони ва фамилияси билан ёки фақат ҳарбий унвони бўйича мурожаат этилади:
Масалан:
“Оддий аскар Расулов, жангга!”
“Оддий аскар, олдимга!”
“Сержант Аҳмедов, ўқ-дориларни қабул қилинг!”
“Сержант, қуролни ўқланг!”
IV. Ўзаро тобе бўлмаган ҳарбий хизматчилар бир-бирига нисбатан:
Ҳарбий хизматчилар ўзидан унвони ёки лавозими юқори бўлган офицер ва сержантларга ҳарбий унвони ва фамилияси билан ёки фақат ҳарбий унвони бўйича мурожаат этади:
Масалан:
“Подполковник Расулов. Сизни полковник Носиров хизмат йиғилишига чақираяпти”.
“Капитаним. Мен лейтенант Ахмедов хизмат сафарига етиб келдим”.
“Сержант Ҳамидов ўтишга рухсат этинг”.
“Сержантим. Ўтишга рухсат этинг”.
Тенг унвони ёки лавозимида бўлган офицер ва сержантлар, муддатли ҳарбий хизматчилар бир-бирига нисбатан менинг сафдошим деб мурожаат этишни (ёки исм-шарифига кўра):
Масалан: “Менинг сафдошим сизни командирим чақиряпти”.
V. Саломлашиш тартиби:
бошлиқ: “Салом аскарлар!” деганда (умумий сафда турган барча офицер, сержант, курсант ва аскарларга нисбатан),
бўйсунувчилар: “Ассалом!” деб жавоб беради (умумий сафда турган барча офицер, сержант, курсант ва аскарлар).
Якка тартибда саломлашишда (жамоат жойларида ва алоҳида юзма-юз учрашганда) салом берувчи юқори оҳангда “Саломатлик тилайман” (мисол учун: менинг командирим ёки капитаним “Саломатлик тилайман”) деб айтади, алик олувчи ўрта оҳангда “Салом” деб жавоб қайтаради.
VI. Хайрлашиш тартиби:
бошлиқ: “Саломат бўлинг!” деганда,
бўйсунувчилар: “Юксак хизматим!” деб жавоб беради.
VII. Табриклаш тартиби:
Ҳарбий хизматчилар тантанали тадбирларда тақдирланганда “Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан” деб жавоб беради.
Командир (бошлиқ)лар кундалик фаолиятида бўйсунувчисига (ёки бир нечта ҳарбий хизматчиларга) нисбатан алоҳида эътибор қаратганда, унинг меҳнатини қадрлаганда, минатдорчилик билдирганда ҳарбий хизматчи якка тарибда ёки жамоа бўлиб “Юксак хизматим” деб жавоб беради.
VIII. Хизмат йиғилишларида ҳарбий хизматчиларга юқори оҳангда “Ростлан” ёки “Жаноб офицерлар!” командаси берилади. Юқори раҳбар томонидан “Эркин” ёки “Жаноб офицерлар!” командаси берилади.
СЎЗЛАР МАъНОСИ
Аскар – ҳарбий хизматни ўтаётган шахс, Давлат Қуролли Кучлари мажмуи ёки уларнинг бир қисми ҳисобланади.
Сафдош – ҳарбий хизматда бирга, бир сафда бўлган кишилар, тенгдош ёки тенгқур шахсларга нисбатан қўлланилади.
Юксак хизматим – ҳарбий хизматчи ўз хизмати билан жавоб бериш маъносини англатади.
Менинг – ҳарбий хизматчилар онгида эгалик, содиқлик, қайғуриш ва бўйсунувчанлик ҳиссиётини англашни ифодалайди.Изоҳ: Ушбу сўзлар ўзбек тилшунослигига тегишли бўлиб, бир-бирига яқин, турдош атамалар сирасига киради. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси А. Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дан олинган (Э. Бегматов, А. Мамадвалиев, М. Махкамов,Т. Мирзаев).
Alpha version: 0.9.1.19 build 61610 | Инструменты