Венгрияда Олимпия ўйинлари тарихидаги энг кекса совриндор аёл Агнеш Келети вафот этди. 9 январь куни у 104 ёшга тўлиши керак эди. Бу ҳақда Namzeti Sport хабар берди.
Келети 25 декабрь куни пневмония туфайли юрак етишмовчилиги ва нафас олиш қийинлиги билан касалхонага ётқизилган. 2 январь куни эрталаб у вафот этган. Марҳума спорт гимнастикаси бўйича беш карра Олимпия чемпиони ҳисобланади. У 1940 йилда Венгриянинг биринчи чемпионатида ғолиб чиққан. Шундан кейин келиб чиқиши яҳудий бўлгани учун унга ҳар қандай спорт билан шуғулланишни тақиқлашган.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Агнеш Келети яна спорт билан шуғуллана бошлади ва 1952 йилда ўзининг биринчи Олимпиада олтин медалини қўлга киритган. У жами 10 та Олимпиада медалига (бешта олтин, учта кумуш ва иккита бронза) ҳамда учта жаҳон чемпионати медали (биттадан олтин, кумуш ва бронза) сазовор бўлган.
1957 йилда Келети Исроилга кўчиб ўтган, 2015 йилда эса ўз ватани Будапешт шаҳрига қайтиб келган. Спорт фаолиятини тугатгач, Келети Тель-Авивда жисмоний тарбия бўйича мураббий сифатида ишлаган, миллий терма жамоага раҳбарлик қилган. Бундан ташқари, у гимнастика мусобақаларида ҳакам сифатида ҳам таклиф этиларди.
Alpha version: 0.9.1.19 build 10516 | Инструменты