Huawei 2
Иммунитет тизимидан қочувчи саратон ҳужайралари билан курашишнинг янги усули топилди

Саратон ҳужайралари тананинг иммунитет тизимидан яширинган ҳолда ўсади ва тарқалади. Иммунотерапия иммун тизимига яширин саратон ҳужайраларини топиш ва уларга ҳужум қилиш имконини беради. Бу эса саратон билан касалланган беморларнинг узоқ умр кўришига ёрдам беради. Бироқ, кўплаб беморларга ушбу инқилобий муолажалар жуда кам таъсир қилади ёки умуман фойда бермайди.

Иммун назорат нуқтаси ингибиторлари энг кўп ишлатиладиган иммунотерапия воситаларидан ҳисобланади. Улар саратон ҳужайралари иммунитет тизимидан яшириниш учун фойдаланадиган оқсилларни таниб олиш ва блоклаш орқали ишлайди. Бироқ, бу оқсилларга эга бўлмаган саратон ҳужайралари турли йўллар билан яширинади. Ушбу саратон турлари билан оғриган беморларга иммун назорат нуқтаси ингибиторлари таъсир қилмагани сабабли, тадқиқотчилар бошқа янги иммунотерапия усулларини ишлаб чиқишга интилмоқда.

Япониянинг Осака университети олимлари янги тадқиқотда тетрациклин антибиотиклари замонавий иммунотерапия усулларидан фарқли равишда иммун тизимига саратон ҳужайраларини аниқлашда ёрдам беришини аниқлади. Ушбу антибиотиклар Т-лимфоцитлар деб номланувчи иммунитет ҳужайраларини саратонга ҳужум қилиш ва уни йўқ қилиш учун рағбатлантиради.

“Биз ўпка саратони билан оғриган беморларнинг қон ва ўсимта тўқималарида тетрациклин антибиотик миноциклинини синаб кўрдик, — дейди етакчи муаллиф Мари Тоне. — Биз миноциклин саратон ҳужайралари томонидан ишлаб чиқарилган иммуносупрессив оқсил бўлган галактин-1га таъсир қилиб, Т-лимфоцитларнинг ўсимтага қарши фаоллигини оширишини аниқладик”.

Олимлар галактин-1 цитотоксик Т-лимфоцитларнинг ўсимтага киришининг олдини олиш орқали саратон ҳужайраларига иммунитет тизимидан қочишга ёрдам беришини аниқлади. Тетрациклин билан даволашдан сўнг, галактин-1 энди Т-лимфоцитларни ўсимтага ҳужумини тўхтата олмади. Галактин-1ни блоклаш саратонни даволашнинг янги усуллари учун калит бўлиши мумкин.

“Ушбу антибиотиклар саратон касаллигини даволашда қўлланиладиган иммун назорат нуқтаси ингибиторлари ва бошқа иммунотерапия препаратларидан фарқли таъсир механизмига эга. Умид қиламизки, ушбу тадқиқот турли иммун йўлларига таъсир қилувчи ва саратон касаллигига чалинган одамларга, айниқса замонавий иммунотерапия таъсир қилмаётган беморларга фойда келтириши мумкин бўлган янги дориларни ишлаб чиқишга олиб келади”, — дейди тадқиқот муаллифи Кота Ивахори.

Тетрациклин антибиотиклари кўп йиллар давомида бутун дунёда юқумли касалликларга чалинган беморларни даволаш учун ишлатилади. Энди бу эски дорилар ҳозирда даволаниш имкониятлари кам бўлган саратон билан оғриган беморлар учун янги иммунотерапия усуллари учун йўл очиб бериши мумкин.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga