Huawei 1
Ўзбекистон ва Мўғулистон президентлари икки мамлакат ишбилармонлари билан учрашув ўтказдилар

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказдилар.

Тадбирда Мўғулистоннинг MCS Investment, Mongol Basalt, Tavan Bogd Group, Asia Pharma, Khanbogd Cashmere, Erdenezoo Trans, ICT Group, ORDGEO, LBH Technology, NCD Group, Mega Wood, Modern Nomads каби етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон томонидан Basalt Uzbekistan, BMB Holding, New Way Industries, Panaev Farms, Ezel Central Asia, Azia Metall Prof, “Жиззах Жун”, Procab ва бошқа хусусий компаниялар қатнашди.

Таъкидлаш лозимки, ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган бундай форматдаги учрашув Мўғулистон билан илк бор ўтказилди.

Ўзбекистон Президенти мўғулистонлик етакчи ишбилармонларни ва уларнинг ўзбекистонлик шерикларини самимий қутлар экан, Мўғулистон Президентининг Ўзбекистонга илк давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорлик тарихида муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор алоҳида таъкидлади.

– Бу сизнинг Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашга қаратилган қатъий интилишингизни ва алоҳида эътиборингизни яна бир бор тасдиқлайди, – деди мамлакатимиз раҳбари.

Бўлиб ўтган мазмунли ва конструктив музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорликнинг барча жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилгани, мавжуд захиралар таҳлил қилингани ва янги ўсиш нуқталари аниқлангани қайд этилди.

– Биз мавжуд салоҳият ва имкониятлардан деярли фойдаланмаётганимизни таъкидладик. Шу муносабат билан яқин йилларда ўзаро савдони, энг аввало, харидоргир маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш орқали каррасига ошириш вазифасини қўйдик, – деди Ўзбекистон Президенти.

Булар – Мўғулистонга озиқ-овқат, ўғитлар, дори-дармонлар, маиший техника, пластмасса ва резина, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик ва пойабзал маҳсулотларини экспорт қилиш, шунингдек, юртимизга гўшт ва гўшт маҳсулотлари, тери, жун ва бошқа тайёр маҳсулотларни импорт қилиш.

Тез фурсатда Мўғулистон ва Ўзбекистонда савдо уйларини очиш ва икки мамлакат пойтахтларида саноат кўргазмаларини ўтказиш режалаштирилган.

Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ва бозорларга киришни енгиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлашга келишиб олинди.

Мамлакатимиз раҳбари мўғул компаниялари билан саноат кооперациясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди.

Икки давлат иқтисодиётининг бир-бирини самарали тўлдиришга қодир соҳаларида ўрта муддатли кооперация дастурини қабул қилиш бўйича келишувга эришилгани қайд этилди.

Бу, биринчи навбатда, геологик қидирув, бой хомашё ресурсларини ўзлаштириш ва қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорлик ўрнатишни ўз ичига олади.

Мазкур стратегик соҳада биринчи йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифлар тайёрланади.

Ўзбекистон, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва турдош тармоқларда Мўғулистон билан комплекс ҳамкорликни ривожлантириш ниятида. Қорақалпоғистон, Наманган вилояти ва бошқа ҳудудларда чорвачилик мажмуаларини барпо этиш режалари қўллаб-қувватланди.

Бундан ташқари, Мўғулистондан чорва, гўшт ва уни қайта ишлаш маҳсулотларини импорт қилиш ҳамда тўқимачилик ва тайёр қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилишга ўзаро қизиқиш билдирилди.

Бу йўналишдаги ҳамкорлик доирасида “Ҳалол” стандартига мос гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма кластерлар, жун ва терини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Томонлар хусусий бизнес ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

Бу борада ишбилармон доиралари томонидан илгари сурилган янги бизнес ғоялари, жумладан, Тошкентда диагностика марказини очиш, базальтни қайта ишлаш, енгил саноат, рақамлаштириш, фармацевтика ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар қўллаб-қувватланди.

Саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида йил охиригача инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва солиққа тортиш тамойиллари бўйича асосий битимлар қабул қилинади.

Етакчилар қўшма Ишбилармонлар кенгашининг ташкил этилишини олқишладилар. Янги ташаббусларни ишлаб чиқиш учун яқинда унинг биринчи йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.

Ташриф давомида ҳаво ва халқаро автомобиль алоқаси бўйича битимлар имзоланди, бу икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ва ишбилармонлик алмашинувларини фаоллаштириш учун мустаҳкам асос яратади.

Транспорт вазирларига юк ташиш харажатларини камайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда иқтисодиётни инновацион ривожлантириш, қонун устуворлиги ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ЖСТга қўшилиш жараёнини фаоллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев мўғулистонлик ишбилармонларга юртимизда улар учун қулай шарт-шароитлар яратишга тайёр эканини айтди.

Ўз навбатида, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух эришилган келишувлар ҳамда Ўзбекистонда инвесторлар ва тадбиркорлар учун яратилган шароитларни юқори баҳолаб, бизнес вакилларини фаол ҳамкорликка ва янги лойиҳалар бўйича аниқ келишувларга эришишга чақирди.

Фикр алмашиш чоғида Мўғулистон тадбиркорлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий аҳамиятини ва мамлакатда яратилаётган қулай инвестициявий ва бизнес муҳитини юқори баҳоладилар.

Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифлар берилди.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 62821 | Инструменты