Рақобат қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган мониторинглар давомида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида 2024 йилнинг 6 декабрига қадар 1 м³ сиқилган газ учун чакана нарх 3 850 сўмдан 3 950 сўмгачани ташкил этган бўлсада, 2024 йилнинг 7-9 декабрь кунлари 1 м³ газ учун чакана нарх 4 150 сўмгача яъни 8 фоизгача ошгани қайд этилди.
Ҳудудий бошқарма томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 256-сон қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида рақобатлашаётган хўжалик юритувчи субъектлар билан бир вақтда ёки кетма-кетликда сиқилган газ нархини чакана савдода сунъий тарзда ошириш орқали рақобатга қарши келишувлар ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатларга иштирок этганлик аломатлари бўйича 85 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида тегишли тартибда ўрганиш ишлари ўтказилди.
Олиб борилган ўрганишлар давомида Бухоро вилоятидаги 47 та автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида фаолият юритаётган 44 та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нархни сунъий тарзда ошириш учун индивидуал иқтисодий сабаблар, умумий ташқи омиллар мавжуд бўлмаган ҳолатда, харажатларга зарурат бўлмасада, нархларни бир вақтда ёки кетма-кетликда ошириб (нархларни ошириш даври: 2024 йил 5 декабрдан - 13 декабрга қадар) истеъмолчиларга сотиш орқасидан асоссиз даромад олиш ҳолатлари аниқланди.
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан 44 та хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларининг талаблари бузилиш аломатлари билан ишлар қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда молиявий жарималар қўллаш ҳақида қарорлар қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Бухорода Аи-80 маркали автобензин АЁҚШ орқали сотилмасдан, улгурчи сотиб юборилганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Alpha version: 0.9.1.19 build 22105 | Инструменты