Жаҳон банки Ўзбекистонга 153 млн доллар имтиёзли кредит ва грантлар ажратади

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда барқарор ландшафтларни тиклаш” (Resiland) лойиҳасини бошлади. Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки томонидан 153 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ва грантлар ажратилади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди

Ушбу лойиҳа Марказий Осиёнинг бешта давлатида ўрмонлар ва деградацияга учраган ерларни тиклашга кўмаклашиш бўйича минтақавий дастурнинг бир қисми ҳисобланади.

Лойиҳа мамлакатнинг турли ҳудудларида ландшафтлар барқарорлигини ошириш ва ўрмонларни қайта тиклаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан трансчегаравий табиий ҳудудларни қайта тиклаш бўйича ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Тегишли лойиҳа тадбирлари мамлакатнинг олтита ҳудудида, жумладан, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида амалга оширилади.

Лойиҳа доирасида:

  • мамлакатнинг олтита минтақасида дарахтлардан фойдаланган ҳолда деградацияга учраган ерларни тиклаш ишларини олиб борилади (агроўрмончилик, ўрмон плантациялари, мевали боғлар, ўрмон-яйлов тизимлари).
  • қўриқланадиган табиий ҳудудлар ва ўрмон қўриқхоналарида туризм марказлари, маъмурий объектлар, кемпинглар, пикник зоналари, туристик маршрутлар ва бошқа кўнгилочар масканларни ўз ичига олган зарур инфратузилма яратилиши молиялаштирилади.

Хабарда айтилишича, лойиҳа ҳукуматга Ўзбекистон ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси мақсадларига эришишда ёрдам беради. Улар орасида ўрмонлар майдонини 10 йиллик охиригача 6,1 миллион гектарга етказиш ҳам бор.

Ерлари деградацияга учраган ҳудудларга дарахтлар экиш орқали лойиҳа маҳаллий ландшафтларнинг барқарорлигини ва озиқ-овқат тизимларининг маҳсулдорлигини оширади, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш ва шу соҳада иш ўринларини яратишга хизмат қилади. Бундан ташқари, лойиҳа табиий ресурслардан янада самарали фойдаланиш орқали кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлайди ва табиатни муҳофаза қилиш зоналарида экотуризмни ривожлантиришга ёрдам беради.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 61706 | Инструменты