Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ҳаж зиёрати бўйича ягона очиқ онлайн навбатни ташкил қилишни таклиф қилди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 364-сон қарори билан тасдиқланган “Ҳаж” ва“Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларининг ижроси Урганч шаҳри ва Урганч тумани мисолида ўрганилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Ҳокимликлар ҳузуридаги ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Ташкилий гуруҳ томонидан жамланган маълумотга кўра, ҳаж тадбирига бориш учун Урганч шаҳридаги жами 40 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 3 141 нафар, Урганч туманида эса 60 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 2 279 нафар фуқародан аризалар келиб тушган.

Ўрганиш давомида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан шакллантирилган рўйхат асосида зиёратчиларни ягона навбат тизимида рўйхатдан ўтказиб бориш ҳолати таҳлил қилинган. Шунингдек, зиёратга бориш истагидаги фуқаролардан келиб тушган аризаларни белгиланган тартибда ҳокимликдан рўйхатдан ўтказиш, уларни кўриб чиқиш натижаларини фуқароларга расмий маълум қилиш амалиёти кўриб чиқилган.

Ишчи гуруҳ томонидан зиёратга бориш истагини билдирган фуқаролардан аризаларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва туман-шаҳар миқёсидаги жамланган рўйхатни шакллантиришда бир қатор хато ва камчиликлар аниқланган.

Таъкидланишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳаж тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги маълумотларни Очиқ эълон қилиниши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритиш таклифи илгари сурилмоқда.

Маълумот учун, 2023 йилда Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 15 минг нафар этиб белгиланди. Бу йилги ҳаж мавсуми учун квота 12 мингдан 15 минг нафарга оширилган. Ҳар бир зиёратчига тўлов миқдори жамоатчилик кенгаши қарорига асосан 68 миллион 760 минг сўм этиб белгилаган.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 61506 | Инструменты