Huawei 1
Президент замонавий туризм маршрутларини ташкил этиш бўйича вазифаларни белгилаб берди

Президент замонавий туризм маршрутларини ташкил этиш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Туризм қўмитаси ҳокимликлар билан биргаликда 36 та туман ва шаҳарни этно, гастрономик, тиббий, экстремал, маданий-тарихий, зиёрат, қишки ва агротуризм асосида ривожлантириш бўйича катта дастур тасдиқлайди.

Масалан, Сариосиё тумани ҳудудининг асосий қисми тоғлардан иборат бўлиб, қишки туризм учун катта салоҳият мавжуд. Бу ерда дор йўли, меҳмонхона ва савдо-сервис хизматлари соҳасида 200 миллион долларлик лойиҳалар қилса бўлади.

Яна бир мисол, Чортоқ ўзининг шифобахш сувлари билан машҳур бўлса-да, туман ҳокими янги лойиҳа қилиш уёқда турсин, бор санаторияларга ҳам хорижий сайёҳ олиб кела олмаяпти.

Ёки, Мўйноқда ҳар йили ўтадиган “Стихия” мусиқа фестивалига келган сайёҳларни кўпроқ олиб қолиш учун янги ташаббуслар керак.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 36 та туман ва шаҳар бўйича мастер режалар ишлаб чиқишни тезлатиб, лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш топширилди.

Хорижий туристлар сонини ошириш масаласи кўриб чиқилар экан, “BBC”, “Euronews” каби нуфузли платформаларда, яна 20 дан ортиқ халқаро кўргазмаларда туризм кенг тарғибот қилинаётгани таъкидланди.

Бу борада элчиларимиз иштирокида бошқа давлатларда ҳам тарғибот ишларини фаоллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Хитойнинг энг олис провинциялари, Гонконгдан ҳам сайёҳлар келишни бошлади. Ёки, Польшага авиақатновлар йўлга қўйилгани учун ушбу мамлакатдан сайёҳлар 7 карра ошди, бутун Шарқий Европадан турист олиб келиш имкони пайдо бўлди.

Францияга ташрифда 14 та янги замонавий “Airbus” самолётини харид қилиш, яна 5 тасини ижарага олишга келишилди, “Boeing” компанияси билан 12 та самолёт олиб келиш бўйича музокара бошланди.

Мутасадди вазирлик ва идораларга бу имкониятдан унумли фойдаланиб, қаерга нечта рейс қўйиш ва қанча сайёҳ олиб келишни ҳозирдан ҳисоб-китоб қилиш топширилди.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 61308 | Инструменты