Суд ишларини кўришда прокурор иштироки кенгаяди

Суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви принципини янада аниқлаштириш мақсадида қонунчиликка янги меъёрлар киритилмоқда.

Давлат манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида судлар томонидан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўришда прокурорнинг иштирокига, шунингдек, ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишга тааллуқли процессуал нормалар ҳам ойдинлаштирилмоқда. 

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун шу мақсадга қаратилган. 

Қонун билан прокурор давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ва иқтисодий судлардаги ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этиши мумкинлиги белгиланмоқда. 

Шунингдек, прокурор фуқаролик ишлари бўйича судларга давлат манфаатларини ҳимоя қилишга алоқадор масалалар юзасидан ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги кўзда тутилган. 

Бундан ташқари, прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича прокурор суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор этилмаган бўлса, прокурор ушбу ишларни суддан талаб қилиб олиб ўрганиши ҳамда улар бўйича протест келтириши мумкинлиги назарда тутилмоқда. 

Сенаторлар маъқуллаган қонун прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. 

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 51715 | Инструменты