Хитойнинг Қашғар шаҳрида 1 март куни Ўзбекистон—Хитой—Қирғизистон ҳукуматлари делегацияларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашувда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров, Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони Партқўми котиби Ма Синжуй иштирок этган.
Учрашувда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида қурилиши режалаштирилган Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўл линияси минтақамизни Хитой билан боғлайдиган энг қисқа муқобил йўл экани қайд этилган. Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўл линиясини қуриш ва ундан фойдаланиш учун қўшма корхона ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланган.
Ўзбекистон томони, Хитойдан Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудуди орқали мултимодал транспортни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирган.
Уч томонлама музокаралардан сўнг, делегациялар раҳбарлари “Улуғчат” божхона терминали ва “Иркештом” назорат-ўтказиш пункти фаолияти билан яқиндан танишган.
Умуман, Ўзбекистон делегациясининг Хитойга ташрифи доирасида “Қашғар иқтисодий ва технологик ривожланиш зонаси” фаолияти билан яқиндан танишилган, бир қатор етакчи компаниялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилган.
Alpha version: 0.9.1.19 build 101808 | Инструменты