Huawei 1
Саудия компанияси Ўзбекистонда халқаро мактаб очмоқчи

Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов Саудия Арабистонидаги "Al Faris International" компанияси раиси Осама бин Солиҳ билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда таълим соҳасида янги инновацион ўқув дастурларини татбиқ этиш, хусусий халқаро мактаблар филиалларини очиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Осама бин Солиҳ сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида олий ва юқори даражадаги ташрифлар сонининг ошганини, савдо ҳажми кўпайганини ва Саудия сармояларининг мисли кўрилмаган даражада ошиб бораётганини қайд этди. У ўзи бошқараётган "Al Faris International" компанияси таълим соҳасини ривожлантириш, ўқитиш сифатини яхшилаш, ўқувчилар билимини ошириш йўналишида иш олиб боришини билдирган.
Компания сармояси билан ташкил этилган халқаро мактаблар дунё мамлакатлари халқаро стандарти "IBO"га асосан фаолият олиб бормоқда. Улар Саудиядаги мактаблар орасида энг юқори ўринларда туради.

Ўзбекистон элчиси шу каби мактабларни Ўзбекистонда очиш, ўқувчилар билимини ҳар томонлама яхшилаш ва ўқитувчиларнинг малакавий кўникмасини ошириш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш таклифини айтган.

Саудия томони ушбу таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилиб, бу борада барча имкониятлар мавжудлигини билдирган.

"Биз юз фоиз ўз капиталимиз асосида ёки ўзбекистонлик шериклар билан халқаро мактабларни ташкил этишга тайёрмиз. Ушбу мактабларда халқаро стандартларга мос равишда таълим берилади, ўқиш хорижий ва маҳаллий тил қатъий талаби асосида олиб борилади. Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасалари ҳам ташкил этилади. Бунда 6 ёшгача бўлган болаларга мактабга тайёргарлик бўйича кучайтирилган дарслар ўтилади", дейди у.

Учрашув якунида "Al Faris International" компанияси делегациянинг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилган.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 62821 | Инструменты