Huawei 2
Марказий Осиё давлатлари ва Хитой фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди

Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон президентининг Хитой халқ республикасига ташрифи доирасида Транспорт вазирлиги ва Хитой фуқаролик авиацияси бошқармаси ўртасида “Ҳаво ипак йўли”ни биргаликда барпо этиш тўғрисида келишув имзоланганлиги ҳақида хабар берилган эди.

17-21 июнь кунлари Хитойнинг Сиань шаҳрида мазкур келишув шартларининг ижроси юзасидан ҳамкорлик бўйича "C5+1 Хитой-Марказий Осиё фуқаро авиацияси" конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон давлатларининг авиация ҳукуматлари ва авиация корхоналари, Хитой томонидан Хитой фуқаро авиацияси администрацияси, COMAC фуқаро авиацияси ҳаво кемаларини ишлаб чиқариш корхонаси, бир қатор авиакомпаниялар ҳамда Хитой аэропортларини бошқарувчи давлат ташкилотлари қатнашди.

Ўзбекистон томонидан Транспорт вазирлигининг ҳаво транспорт бошқармаси ҳамда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги раҳбар ва ходимларидан иборат делегация конференцияда иштирок этди. Тадбир давомида Транспорт вазирлиги делегацияси томонидан ҳозирги кунда Ўзбекистонда фуқаро авиацияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Хитой ҳамда қўшни мамлакатлар билан авиация алоқаларини янада яхшилашга қаратилган келгусидаги режалар тўғрисида маълумот берилди.

Конференциядан асосий мақсад тарихий буюк ипак йўли асосида ҳаво ипак йўлини барпо этиш, иқтисодий ҳамкорлик, авиаташувлар бозорининг либераллашуви, мамлакатлар ўртасида ҳаво қатновлари орқали савдо-иқтисодий масалаларни янада ривожлантириш, авиайўловчи ва юк оқими, товар ва хом ашёлар айланмасини янада ошириш ва авиаташувлар бўйича ягона тизимни яратишдан иборат.

Конференция якунига кўра томонлар “C5+1 Хитой-Марказий Осиё фуқаро авиацияси" конференцияни ҳар йили 1 март санасида навбат асосида ҳамкорликка аъзо мамлакатларда ўтказилишига ва фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олишди.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 62821 | Инструменты