Huawei 1
Сенат "Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунни маъқуллади

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди

Қайд этилишича, мазкур қонуннинг мақсади озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонун нормалари аҳолининг озиқлик қимматига эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан хавфсиз овқатланишини таъминлашга, самарали бозор механизмларини шакллантириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқаришга нисбатан татбиқ этилади.

Қонунда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган.

Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг минимал нормаларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсининг айланма захирасини шакллантириш ҳамда аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли миқдорда ва узлуксиз таъминлаш имкониятларини кенгайтириш шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, давлат озиқ-овқат маҳсулотларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради.

Ташқи иқтисодий фаолиятни фаоллаштириш, шунингдек ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг экспорти ва импорти ўртасидаги мақбул мувозанатни сақлаш ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг йўналишларидан бири ҳисобланади.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ваколатли давлат органи сифатида белгиланмоқда.

Унга:

- республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

- озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

- озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир этувчи омилларни ўрганиш асосида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва ривожлантиришга доир қисқа, ўрта ҳамда узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш каби бир қатор ваколатлар берилмоқда.

Шунингдек, қонунда озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига йўл қўймаслик бўйича давлат томонидан қандай чоралар кўрилиши, озиқ-овқат балансини шакллантириш, истеъмолчиларнинг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда.

Мазкур қонун Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи нормаларни ягона ҳужжатга унификация қилиш ва тизимлаштириш, ушбу соҳадаги муносабатларни комплекс ҳуқуқий тартибга солишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Маълумот ўрнида, ўтган йилнинг 1 ноябрь санасида президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари юзасидан ўтказган йиғилишида озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтган эди. Йиғилишда давлат раҳбари Бош прокуратура, Рақобат қўмитаси ва бошқа масъул идораларга захира яратиш ва нарх устидан мониторинг қилиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар тузиш, нарх энг юқори ўсган туман ва шаҳарларда бозорларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чораларни кўришни топширган эди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Мақола муаллифи: И. Фарҳодова

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 33119 | Инструменты