Huawei 2
2050 йилга бориб Ўзбекистонда сув танқислиги 15-25 фоизга етиши мумкин

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари гидрогел ва сув танқис бўлган ҳудудларда ундан фойдаланиш имкониятларини таҳлил қилди.

Сўнгги йилларда дунё ҳамжамиятини қурғоқчилик, сув танқислиги, тупроқ деградацияси ва чўлланиш каби муаммолар ташвишга солмоқда. Иқлим ўзгариши оқибатида 2050 йилга бориб, Тян-Шан ва Помир тоғ тизмаларидаги жами музликларнинг 30-50 фоизгача бўлган қисми эриб кетиши ҳамда Марказий Осиё мамлакатларида сувга бўлган талаб 50 фоизгача ошиши кутилмоқда. Бунинг оқибатида Ўзбекистонда сув танқислиги ўртача 15-25 фоизга, чўлланиш даражаси эса 123 млн квадрат метрга етиши мумкин. 

Сув тақчиллигининг ортиши уни тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш зарурлигини англатади. Германия, Япония, Хитой каби мамлакатларда ўсимликларни парвариш қилишда турли хил ноанъанавий сув тежовчи технологиялар жорий этилмоқда. 

Мисол учун, Японияда ҳаво ҳароратига қараб шаклини ўзгартирувчи гидрогел яратилган. У эгилувчан бўлиб, сувни ўзига шимиб олганда кенгаяди ва намликни ўсимлик томирига беради. Сўнгра олдинги ҳолатига қайтади ва яна намликни йиға бошлайди. Шу боис у чўл-дашт ҳудудларидаги ўсимликларни суғоришда жуда қўл келади. 

Хитойда чўл ҳудудидан ўтувчи 450 км магистрал йўл бўйида гидрогел ёрдамида иҳоталанган дарахтзор ва яшил қоплам барпо этилган.

Гидрогел қишда ёмғир, қор сувларида намликни ёки ёзда суғоришдаги сувни ўзига шимиб, узоқ вақт сақлайди ҳамда ўсимликлар илдизига нам бериб туради. У ўз оғирлигидан 400-500 маротаба кўп ёмғир сувини, 200-400 маротаба кўп тупроқ намлигини юта олади. 

Бир гектар майдонга 35-50 кг гидрогел сарфланиши ҳисобига тахминан 120-140 куб метр сув тежашга эришилади. Тувакда ўстириладиган ўсимликлар учун 50-80 фоиз, қишлоқ хўжалиги экинлари учун 20-40 фоиз сувни тежаш имконияти яратилади. Дала шароитидаги гидрогел ўз хусусиятини 2-3 йил давомида йўқотмайди. Эскирган гидрогел қолдиқлари эса тупроқ таркибини бузмайди ва ўсимликлар томонидан азотли ўғит сифатида ўзлаштирилади. 

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 62718 | Инструменты