Huawei 1
Муҳандислик йўналишлари бўйича “Энг яхши ғоя”, “Энг яхши лойиҳа” ва “Энг яхши ихтиро” республика танлови ўтказилади

Президент раислигида ўтказилган йиғилишда муҳандислик йўналишлари бўйича “Энг яхши ғоя”, “Энг яхши лойиҳа” ва “Энг яхши ихтиро” республика танлови ўтказилиши айтилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Танловда ўқитувчилар, талабалар ва амалиётчи муҳандислар иштирок этиши мумкин бўлади. Биринчи ўринга электромобиль берилади. 

Шунингдек, ғоя, лойиҳа ва ихтиро муаллифи бўлган энг зўр 10 нафар иштирокчи Германия, Япония, Хитой, Россия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Сингапур каби давлатларга стажировкага юборилади.

Бу мақсадлар учун ҳар йили 15 миллиард сўм ажратилади.

Сўнг давлат раҳбари олимлар, техник йўналишдаги олийгоҳ кафедра мудирлари, ўқув ва илмий марказлар раҳбарлари билан мулоқот қилди. Мулоқот чоғида билдирилган фикр ва таклифларни чуқур ўрганиб, амалиётга жорий этиш юзасидан мутасаддиларга қатор топшириқлар берди.

“Бугунги кўтарилган масалалар, берилган таклифлар эртанги кунимиз учун, иқтисодиётимиз учун жуда муҳим”, — деди давлат раҳбари йиғилиш якунида.

Иқтисодиётни жадал ўсишини таъминлашда бизга юқори малакали муҳандис-технологлар сув билан ҳаводек зарур экани таъкидланди.

Ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари, ректор ва профессор-ўқитувчи масъулиятни чуқур ҳис қилиб, қаттиқ ишласа, изланса, бу вазифани албатта уддалашига ишонч билдирилди.

Йиғилиш давомида тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланди.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 62718 | Инструменты